Ироқда олти нафар вазир ишдан кетди

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий.

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий олти нафар вазирнинг истеъфосини қабул қилди. Абодий бир неча ойдан буён ҳукуматнинг қатор аъзоларини алмаштиришга уринмоқда. Ишдан кетган вазирлар орасида Нефть, Транспорт, Уй-жой ва қурилиш, Сув заҳиралари ва саноат ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари бор.

Ироқ бош вазири февраль ойида ҳукумат таркибига технократларни киритиш чақириғи билан чиққан, бироқ эътиборли сиёсий партиялар бунга қаршилик кўрсатган.

Шиалар лидери Муқтадо ас-Садр технократик ҳукумат тўғрисидаги чақириқни қўллаб, ислоҳот талаби билан бир неча намойиш уюштирган. Бу акциялар иштирокчилари Бағдоддаги ҳукумат бинолари жойлашган Яшил ҳудудга бир неча бор ёриб киришга муваффақ бўлгандилар.