Тожикистонда “Комсомольская правда”ни чоп этиш тўхтатилди

“Комсомольская правда” мухбири Сергей Пономаревнинг Тожикистондан юборган репортажлари Раҳмон ҳукумати томонидан "ҳақорат" деб қабул қилинди.

Россиянинг “Комсомольская правда” газетасини Тожикистонда чоп этиш ҳукумат қарори билан тўхтатилди.

Бу ҳақда пайшанба куни Тожикистонда матбуот нашрларини босмадан чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланувчи “Оила” медиа-ҳолдинги раҳбари маълум қилди.

“Комсомольская правда” бош муҳарририга кўра¸ Душанбе расмийларининг бундай қарорига газета мухбири Сергей Пономаревнинг Тожикистондан ҳозирлаган “Тожикистон: советча қашшоқликдан ëрқин келажак томон” деб номланган “Йўлнома”си сабаб бўлган.

Ўн қисмлик “Йўлнома”нинг тўрт қисми босилиши ортидан Тожикистон расмийлари газета таҳририятидан ўз Интернет саҳифасидан бу репортажларни бутунлай олиб ташлаш ва давомини босмасликни талаб қилган ва акс ҳолда газетани Тожикистонда нашр қилиш тўхтатилишидан огоҳлантирган.

Душанбе расмийларига кўра¸ Понамарев “Йўлнома”си “тожик халқига нисбатан ҳақорат ва бутун бир халқ устидан кулиш” деб топилган ва шу боис газетани Тожикистонда чоп этиш тўхтатилган.

Газета бош муҳаррири эса¸ бу репортажларда Тожикистон ҳукумати ëки халқини ҳақоратловчи ҳеч нарса йўқлиги¸ бундай тақиқ “бугун Тожикистонда юзага келган сиëсий ахлоқ ойнаси” эканини билдирди.

"Комсомольская правда" Тожикистонда 2007 йилдан бери 2000 нусхада чоп этиб келинган.