Эрдўғон ҳукумати 42 журналистни ҳибсга олишга ордер берди

Журналистларни қамоққа олиш жараëни.

Маҳаллий телеканаллар хабарига кўра¸ 25 июль куни Туркия расмийлари 42 нафар журналистни қамоққа олиш ҳақида ордер берган.

Ордер берилганлар орасида таниқли шарҳловчи ва парламент собиқ депутати Назли Илижак ҳам бор. 2013 йилда Илижак ҳукуматдаги коррупционер вазирлар ҳақида мақола ëзганидан сўнг ҳукуматпараст Сабоҳ газетасидан бўшатилган эди.

Юқори даражали ҳукумат арбобларининг порахўр эканига оид ҳужжат ва видеоларнинг тарқалиши ортидан Туркияда юзага чиққан коррупция жанжали учун ҳам Эрдўғон ҳукумати АҚШда яшовчи диний пешво Фатҳуллоҳ Гулан ва унинг мамлакатдаги тарафдорларини айблаган эди.

16 июлга ўтар кечаси рўй берган давлат тўнтаришига уриниш учун ҳам Эрдўғон Гуланни айбламоқда ва бу воқеадан бери мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган қамоққа олишлар ва оммавий ишдан бўшатишлар кучайиб бормоқда.

42 нафар журналистни қамоққа олиш ҳақида ордер берилиши ҳам ана шу жараëннинг янада кескинлашгани ифодаси сифатида қабул қилинмоқда.

Туркияда матбуот ва сўз эркинлигига нисбатан босимнинг кучайишига муносабат билдирган ЕИ комиссияси президенти Жан-Клод Юнкер¸ бугунги вазиятида Туркиянинг иттифоққа аъзо бўлишдан жуда узоқда эканини таъкидлади.

ЕИ раҳбарлари¸ агар Туркия жорий воқеалар муносабати билан ўлим жазосини қайта тикласа¸ ЕИга аъзоликка оид музокараларнинг дарҳол тўхтатилажагини айтмоқда.