Қозоғистон бош вазири велосипед мингани учун жарима тўлади

Қозоғистон бош вазири Карим Масимов.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимов автомагистралда велосипед мингани учун жамоатчилик босими остида жарима тўлашга мажбур бўлди.

26 июль куни Карим Масимов Акмола вилоятидаги Бўзайғир қишлоғидан ўтувчи автомагистралда велосипед миниб юрган суратларини Инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирган эди.

Мазкур автомагистралда велосипед миниш тақиқлангани учун Ақмўладаги “Ватандошлар назорати” жамоат ташкилоти фаоллари бош вазирдан жарима тўлашни талаб қилган.

Масимов Инстаграмдаги саҳифасида фаолларнинг талабини инобатга олиб, йўл ҳаракатланиш қоидасини бузгани учун 10минг 605 танга, яъни 30 доллар миқдорида жарима тўлаганини маълум қилди.