Сурияда Россиянинг жанговар вертолёти уриб туширилди

1 августда уриб туширилган рус вертолёти қолдиқлари.

Суриянинг Идлиб вилоятида 1 август куни Россиянинг Ми-8 вертолёти уриб туширилди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Ҳалабга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериб, Хмеймим ҳаво базасига қайтаётган вертолёт ичида уч экипаж аъзоси ва икки зобит бўлган.

Россия Қуролли кучлари бош штаби тезкор бошқармаси бошлиғи Сергей Рудской душанба оқшомида Москвада ўтказилган матбуот анжуманида рус вертолёти «Жабҳатан-Нусра» қуролли гуруҳи назорати остида бўлган ҳудудда уриб туширилганини билдирди.

Кейинроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков рус журналистларига Ми-8 ичида бўлган россияликларнинг ҳаммаси қаҳрамонона ҳалок бўлгани ҳақида билдириб, уларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилган. Идлибдаги воқеа учун масъулиятни ҳали ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.