Қашқадарёда жиҳодчилик тарғиботида айбланган уч киши қамалди

Қашқадарё вилоят суди уч кишини “Туркистон Исломий ҳаракати” террор ташкилоти материалларини тарқатганлик учун 5 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

“Судланганлар флеш-карталар ва дискларда Туркистон Исломий ҳаракатининг “исломий халифалик ” тузишга оид чақириқлари акс этмиш видео ва аудиоматериалларни тарқатганлар”, дея хабар қилади РИА Новости Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига иқтибосан.

Агентлик манбаси судланганлар Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган пайтда Туркистон Исломий ҳаракати издошлари билан танишганларидан сўнг экстремизм ташвиқоти таъсири остига тушиб қолганларини иддао қилган.

Ўзбекистонда Туркистон Исломий ҳаракати ғоялари тарғиботи учун аввал ҳам кўплаб одам қамалган. Дейлик, ўтган йил ноябрида Наманганда бу ташкилот ғояларини ташвиқ қилувчи материаллар контрабандасида айбланмиш тўрт киши озодликдан маҳрум этилганди.