Покистондаги касалхонада ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги журналист ва адвокатлардир

Покистоннинг Квета шаҳридаги касалхонада содир этилган худкуш ҳужумда ҳалок бўлганлар сони камида 70 кишига етди, яраланганлар сони 120 кишини ташкил қилди.

Душанба куни содир этилган портлашда расмийлар дастлаб 60 киши ҳалок бўлгани ва юздан ортиқроқ киши яралангани ҳақида маълумот берган эди. Портлашдан аввалроқ касалхонага қуролли ҳужумда ўлдирилган таниқли адвокат Билол Қосий жасади келтирилганди.

Расмийларга кўра, касалхонада ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги ўлдирилган адвокат билан видолашувга келган журналистлар ва адвокатлардир.

Ҳужум учун масъулиятни Покистон толиблари таркибига кирувчи “Жамоат ул Аҳрор” гуруҳи ўз зиммасига олди.