Шойгу Ҳалаб бўйича Москва ва Вашингтон позициялари яқинлашаётганини билдирди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Суриянинг қамалда қолган Ҳалаб шаҳридаги гуманитар бўҳронни ҳал қилишга оид келишув бўйича Москва ва Вашингтон позициялари яқинлашганини билдирди.

“Биз қадам-бақадам конструкцияга яқинлашаяпмиз. Мен ҳозир фақат Ҳалаб ҳақида гапираяпман. Бу бизга мазкур ҳудудда тинчлик ўрнатилиши ва одамлар ўз уйларига қайта олишлари учун биргаликда кураш бошлаш имконини беради”, деди Шойгу 15 август куни Россия-24 телеканалига берган интервьюсида.

Ҳалаб учун жанглар шу кунда Сурияда олти йилдан буён давом этаётган уруш марказига айланган.

Айни пайтда АҚШ мулозимлари Ҳалаб масаласи бўйича келишувдан ҳозирча дарак йўқлигини айтмоқдалар.

“Ҳозирча бизда бу борада очиқлайдиган баёнотнинг ўзи йўқ. Биз аввалгидек бу масалада [российлик расмийлар билан] тиғиз алоқада бўлиб турибмиз”, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Элизабет Трюдо.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси президенти Петер Маурер 15 август куни Ҳалаб учун бўлаётган жангларни “замонамизнинг энг ҳалокатли шаҳар тўқнашувларидан бири”, дея изоҳлади.