Тирик қолган ҳалаблик бола уруш рамзига айланди

Ҳалабдаги бомбардимондан сўнг тирик қолган болакай Суриядаги уруш рамзига айланди. Унинг суратлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тезликда тарқалиб кетди.

Бу боланинг суратини олган журналист ҳаво зарбасида ҳалок бўлган 8 одам ҳақида ҳикоя қилган. Ҳалок бўлганлардан беш нафари болалардир. Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг билдиришича, уларнинг барчаси президент Башар Ассадга содиқ кучлар томонидан берилган зарбада ҳалок бўлган.

Август ойи бошларида БМТ Ҳалабдаги вазият гуманитар инқирозга яқинлаб қолганини маълум қилган эди. Шаҳарда сув, электр таъминоти ва бошқа коммуникациялар ишдан чиққан. Бунинг натижасида сувсиз қолган шаҳарда балоғатга етмаган болаларнинг саломатлиги жиддий хавф остида қолмоқда.

Суриядаги фуқаролар уруши оқибатида шу кунгача 280 минг одам ҳалок бўлган, улардан 14 мингги ёш болалардир.