Жо Байден: АҚШ Болтиқбўйи давлатларини мудофаа қилиш ваъдасидан воз кечмайди

АҚШ вице-президенти Жо Байден (ўнгда) Литва президенти Даля Грибаускайте билан.

АҚШ вице-президенти Жо Байден Вашингтон НАТОнинг Болтиқбўйи мамлакатларини мудофаа қилиш тўғрисидаги ваъдасида собит эканини маълум қилди.

23 август куни Латвия пойтахти Ригада чиқиш қилган Байден Литва, Латвия ва Эстония президентиларини Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трапмнинг “агар президентликка сайланиб қолсам НАТО аъзоларини ҳимоя қилиш борасида берилган барча ваъдалардан воз кечилади” қабилидаги баёнотини жиддий қабул қилмасликка чақирди.

Июль ойида НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари Болтиқбўйида ва Польшада ҳарбий қисмларни жойлаштириш, ҳаво ҳамда денгиз патрули сонини кўпайтириш тўғрисида келишиб олган эди. Бу тадбир Россиянинг эҳтимолий ҳужумларига қарши қаратилгани айтиб келинади.

Байденнинг Болтиқбўйи давлатларига ташрифи Молотов-Риббентроп пакти имзоланганининг 77 йиллигига тўғри келди.

1939 йилнинг 23 августида имзоланган мазкур ҳужжатда Совет Иттифоқи ва Германия Шарқий Европани ўзаро бўлиб олган эди. Жумладан, 1940 йилда Совет Иттифоқи Эстония, Латвия ва Литвани босиб олган.