Кобулдаги Америка университетига ҳужум уюштирилди

Кобулдаги Америка университети.

Кобул ғарбида жойлашган Афғонистондаги Америка университетига қуролли шахслар уюштирган ҳужум оқибатида камида 12 одам ўлди¸ 30 дан ошиғи жароҳатланди. Кобул расмийларига кўра¸ ўлганлардан етти нафари талаба¸ уч нафари полиция ходими¸ икки нафари эса¸ университет комплексини қўриқлаган хавфсизлик ходимларидир.

24 август куни кечқурун бомба тўладиган машинани портлатиш орқали университет комплекси биносига киришга муваффақ бўлган жангарилардан иккитаси афғон махсус хизматлари томонидан отиб ўлдирилди. Мазкур амалиëтни мувофиқлаштиришда АҚШ ва НАТО ҳарбий маслаҳатчилари бевосита ëрдам берди.

25 август саҳарга яқин университет биносида қамалда қолган 750 дан ошиқ талаба ва ўқитувчи озод этилди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Айни пайтда бу ҳужум Толибон ëз давомида қуролли ҳужумларни кучайтирган даврда амалга оширилди.

Икки ҳафта муқаддам Америка университетининг икки ўқитувчиси ўғирлаб кетилган эди. Бири австралиялик, яна бири америкалик бўлган бу ўқитувчиларнинг ҳозир қаерда экани номаълум.