Италиядаги зилзилада нобуд бўлганлар сони 250 ка яқинлашди

Аматриседаги қутқарувчилар, 2016 йил 24 августи.

Италиянинг марказий қисмида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 247 киши ҳалок бўлди, 368 нафар одам тан жароҳати олди.

Бу якуний рақамлар эмаслигини таъкидлаган Италия бош вазири Маттео Ренци вайроналар орасида ҳали одамлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бош вазир “бирор оила, бирор шаҳар ёки қишлоқ” ёрдамсиз ташлаб қўйилмаслигига ваъда берди.

24 август куни эрталаб Рим шимолий-шарқида содир бўлган зилзила кучи 6,2 баллни ташкил этган. Кучли ер силкиниши оқибатида Италиянинг Аккумоли, Аматрисе, Поста ва Аркуата дел Тронто шаҳарларига катта шикаст етган.

Аматрисе мэрига кўра, шаҳарга элтувчи йўллар яроқсиз ҳолга келган, шаҳарнинг ярми вайрон бўлган, бу ерда кўчки содир бўлган ва кўприк қулаб тушиши мумкин.

Етти йил аввал Италияда рўй берган зилзилада уч юздан зиёд одам нобуд бўлганди.