Ўзбек эстрада юлдузлари аҳолини Ислом Каримов ҳақидаги "бўрттирилган гаплар"га ишонмасликка чақирмоқда

Ўзбекистон санъат юлдузлари ижтимоий тармоқларда президент Ислом Каримов саломатлиги юзасидан мамлакатда тарқалган турли гап-сўзларга эътибор бермаслик ва уларга ишонмаслик чақириғи билан чиқмоқдалар.

Ижтимоий тармоқлардаги Озодбек Назарбеков, Муниса Ризаева, Шаҳзода, Шоҳрухон ва бошқа шоу бизнес вакилларига тегишли экани айтилаётган саҳифаларда аҳоли “ҳар ҳил гап-сўзларга ишонмасликка” чақирилган ва “юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин” қабилидаги тилаклар билдирилган.

28 август куни Ўзбекистон ҳукумати президент Ислом Каримов "стационар даволаниш" га ётқизилгани ҳақида сўнгги 25 йилда биринчи марта расман хабар берган эди.

Мазкур хабар "Ахборот" дастурида ҳам ўқиб эшиттирилган.