Нью-Йоркда портлаш уюштирганликда гумон қилинган шахсга айблов эълон қилинди

Нью-Йорк ва Нью-Жерсида портлашларни уюштирганликда гумон қилинаётган, келиб чиқиши афғонистонлик АҚШ фуқароси 28 яшар Аҳмад Раҳамийга оммавий қирғин қуролини қўллаганлик ҳамда жамоат жойларида портловчи мосламалар портлатганлик айбловлари эълон қилинди. Гумон қилинувчининг айби исботланса, у умрбод қамалиши мумкин.

Шанба куни Манхэттеннинг Челси мавзеида амалга оширилган портлашдан 29 киши яраланган. Полиция Раҳмаийга тегишли яна 8 та портловчи мослама топилганини хабар қилди.

Айтилишича, полиция билан отишма чоғида яраланган Раҳамий касалхонада қолмоқда ва терговчилар саволларига жавоб беришдан бош тортмоқда. Айни пайтда бундан 2 йил муқаддам уни ўз отаси террорчи, деб атагани уучун Федерал тергов бюроси эътиборига тушгани, бироқ ўшанда ўтказилган текширув натижасиз тугагани маълум бўлди.

Ҳозирча Раҳамийнинг бирон бир террор ташкилоти билан алоқаси борлиги аниқланмади. Лекин унинг кундалигида Бостон марафонида амалга оширилган террор ҳужуми ҳамда Усома бин Ладенга тўғрисида ёзувлар мавжудлиги аниқланган.