АҚШ ва Россия бир-бирини Суриядаги гуманитар карвонга ҳужум қилганликда айблади

Россия ҳамда АҚШ бир-бирини Суриядаги гуманитар карвонга ҳужум қилганликда айблади. АҚШ давлат котиби Жон Керри яна Сурия шимолида учиш мумкин бўлмаган ҳудудларни жорий қилишга чақирди.

Оқ уй очиқчасига Москвани 19 сентябрь куни амалга оширилган ҳужумда айбламоқда. Ҳужум натижасида бир неча одам ҳалок бўлди ҳамда Ҳалаб шаҳрига олиб кетилаётган гуманитар ёрдам йўқ қилинди.

АҚШ расмийлари Россиянинг икки “Су-24” ҳарбий учоғи ҳужум содир этилган пайтда карвон устида бўлганини таъкидлашди. Москва эса бу айбловларни кескин рад этиб, ҳужум яқинида АҚШ дрони бўлганини иддао қилди.

Москва, аввалроқ, АҚШни Сурия аскарларини ўққа тутишда ҳам айблаган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ хавфсизлик кенгаши йиғинида Россия ва Сурия “бир тарафларма тўхтаб турмаслигини”, Сурия ҳукуматига қарши курашаётган кучлар мазкур “паузалар” давомида ўз позициясини мустаҳкамлаб олаётганини таъкидлади.

БМТ расмийлари 21 сентябрь куни кеч ҳужум ортидан тўхтатиб қўйилган инсонпарварлик ёрдами карвонлари яна йўлга қўйилишини эълон қилди.

Кейинроқ Керри юзага келган вазият ҳақида Twitterда “Ҳозир Сурия, Россия, мавжуд тузум, мухолифат, халқаро ҳамжамият учун ҳал қилувчи пайтдир. Бузғунчилар енгиб чиқишига йўл қўйилмаслиги керак”, деб ёзди.