БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия масаласида шошилинч йиғилиш ўтказди

БМТ Хавфсизлик кенгаши.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 25 сентябрь куни Суриядаги зўравонликлар кучайиб бораётгани ортидан шошилинч йиғилиш ўтказди.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура йиғилишда Сурия ҳукуматини “Ҳалабнинг тинч аҳолисига нисбатан мисли кўрилмаган ҳарбий куч қўллаганликда” айблади.

Аввалроқ Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси Ҳалабда ҳукумат кучлари ҳаводан берган зарба оқибатида якшанба куни камида 23 киши ҳалок бўлганини хабар қилган эди.

Ўтган ҳафтада Россия ва АҚШ томонидан эришилган Сурияда отшкесим келишуви бузилганидан бери бамбардимонларда ҳалок бўлган тинч аҳоли сони юз кишидан ортиб кетди.

АҚШ, Франция ва Британия Сурия президенти Башар Ассаднинг яқин иттифоқчиси бўлган Россия ҳукуматини зўравонликлар кучайишида айблади.

Россия вакили эса Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Сурияда айни пайтда тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини айтиб, сулҳ битимини Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланаётган мухолифат кучлари “саботаж” қилаётганини айтди.