Шавкат Мирзиёев Навоий ва Бухорога борди

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев шанба куни Навоий ва Бухорога боргани ҳақида Ўзбекистон миллий телеканали “Ахборот” дастури хабар берди.

Хабарда айтилишича, Мирзиёев Навоийда “Навоиазот” ширкати томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди. Мазкур ширкатда 50 йил аввал ўрнатилган ишлаб чиқариш ускуналарини янгилаш жараёни бормоқда.

Сафари давомида Мирзиёев Кармана тумани пахтазорларида ҳам бўлиб, фермерлар билан суҳбатлашган.

Бухорода эса президент вазифасини бажарувчи Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишини бориб кўрди. Қиймати 2 миллиард 600 миллион долларлик мазкур завод Россиянинг "Лукойл" ширкати ҳамкорлигида Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг ENTER Engineering ширкатлари томонидан барпо этилмоқда.

Апрель ойида ўтган Қандим газ заводи тамал тошини қўийш маросимида Шавкат Мирзиёев ва “Лукойл” раҳбари Вагит Алекперов иштирок этган эди. Бухорога қилган сафари давомида Мирзиёев яна бир бор Алекперов билан учрашиб, ҳамкорлик доирасини кенгайтириш борасида сўзлашган.

Қандим заводи 2018 йилда ишга туширилиши режалаштирилмоқда.