Сурияда 1 йилдан ортиқ вақт гаровда ушланган немис журналисти ва унинг чақалоғи озод қилинди

Сурия ҳудудида фуқаролар уруши бошланганидан буён 200 нафар атрофида журналист ҳалок бўлди.

Суриядаги исломчи жангарилар қўлида бир йилдан зиёд вақт мобайнида гаровда сақланган германиялик журналист Янина Финдайзен озод қилинди. Бу ҳақда хабар қилган Германия ташқи вазирлигига кўра, журналист чоршанба куни Туркияда эди ва ватанига қайтишга ҳозирлик кўраётган эди.

Германия ОАВ хабарларига қараганда, Янина Финдайзенни “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи аъзолари 2015 йилнинг октябридан бери асирда ушлаб турган эди. Исломчилар журналистни озод қилиш эвазига 5 миллион евро талаб қилган. Асирликда аёл фарзанд ҳам кўрган.

Сурия ҳудудида фуқаролар уруши бошланганидан буён 200 нафар атрофида журналист ҳалок бўлди. 50 дан зиёд журналист қамоқхоналарда ёки асирликда сақланмоқда.