Россияда блогер Антон Носик жаримага тортилди

Россиялик блогер Антон Носик.

Москва суди россиялик таниқли блогер Антон Носикни экстремизмда айбдор деб топиб, унга ярим миллион рубль жарима солди. Ўтган йил 1 октябрида чоп этилган “Сурияни Ер юзидан сидириб ташлаш” сарлавҳали луқмаси билан Носик, суд қаноатига кўра, миллий низо қўзғаган.

Прокуратура маҳкамадан блогерни икки йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраётганди, бироқ суд Носикни қамаб ўтирмай, жарима билан кифояланди.

Маҳкама чоғида Носик экстремизмга оид айбловни рад этган бўлса-да, маҳкамага сабаб бўлган матнини ҳимоя қилган. Унда блогер Сурияни Исроилга қарши хатар манбаи деб билгани учун, тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлаётганига қарамасдан, бу мамлакатдаги ҳар қандай бўмбабўронни олқишлашини билдирган. Эслатиб ўтамиз, Башар Асад режимини дастакловчи Россия ўтган йил 30 сентябрида Сурияда ҳарбий-ҳаво амалиётларини бошлаганди.

Носик кечаги маҳкама қарори юзасидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилишини билдирган.