Бугун Республикачилар партияси президентликка номзод Трамп масаласида йиғилиш ўтказади

Президентликка номзод Дональд Трамп.

Бугун АҚШ Республикачилар партияси раҳбарияти президентликка номзод Дональд Трамп атрофидаги вазият юзасидан йиғилиш ўткизади.

Associated Press агентлигининг билдиришича, бундай йиғилишлар АҚШда камдан-кам ҳолатларда ўтказилади.

7 октябрь куни The Washington Post сайтида Трамп аёллар ҳақида ҳақоратли гаплар айтаётгани тўғрисидаги видео пайдо бўлганидан сўнг Республикачилар партиясининг қатор нуфузли вакиллари Трампни президентлик сайловидан чиқиб кетишга чақирган эди.

Трамп ўз сўзлари учун кечирим сўради, бироқ президентликка номзодликдан воз кечмаслигини маълум қилди.

Айни пайтда якшанба куни АҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтон ўртасида дебатларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди.

Миссури штати Сент-Луис шаҳридаги Вашингтон университетида бўлиб ўтган дебатлар мамлакатдаги 260 кинотеатрда намойиш этилди.