АҚШ ва Британиянинг Бишкекдаги элчихоналари Қирғизистондаги ватандошларини огоҳлантирди

АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси

АҚШ ва Британиянинг Бишкекдаги элчихоналари Қирғизистонда октябрь ойида террорчилик, одамларни гаровга олиш ҳаракати содир этилиши мумкинлигидан ўз ватандошларини 8-9 октябрь кунлари огоҳлантирди.

Қўшма Штатлар элчихонаси тарқатган баёнотда, жумладан: “АҚШ элчихонаси Қирғизистонда октябрь ойи ичида маҳаллий ҳукумат ва хориж дипломатларига қарши одам ўғирлаш ва гаровга олиш билан боғлиқ террорчилик ҳаракатлари содир этилиши эҳтимоли мавжудлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи маълумотни олди”, деб билдирилган.

Шу муносабат билан АҚШ ва Британия элчихоналари Қирғизистондаги ўз ватандошларини эҳтиёткор бўлишга чақирган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эҳтимолий террор ҳужуми ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирган бир пайтда, Ички ишлар вазирлиги Бишкекдаги жамоат транспортига “Аҳолига террорчилик кўринишининг олдини олишга қаратилган эслатма” деб номланган эълонларни жойлаштирмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ҳозирча бу иш қандай мақсадларда амалга оширилаётганини шарҳлашдан тийилмоқда.