БМТ Бош котиби Яманда олиб борилаётган уруш усулидан норозилик билдирди

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Яманда дам олиш кунлари содир этилган ҳаво зарбаси оқибатида 140 киши нобуд бўлганидан сўнг бу мамлакатдаги урушда қўлланилаётган “манфур усуллар”га алоқадор томонларга жавобгарлик юклаш зарурати ҳақида билдирди. Ҳаво ҳужуми Саудий Арабистони ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан амалга оширилгани тахмин этилмоқда.

“Саудий Арабистони бошчилигидаги коалициянинг ҳаво ҳужумлари кенг кўламли қирғинга айланиб кетди ҳамда мамлакатдаги тиббий муассасалар ва фуқаровий инфратузилманинг энг муҳим объектларидан кўпи йўқ қилинишига олиб келди”, деди 10 октябрь куни журналистлар олдида сўзлаган Бан Ки Мун.

Ҳаво зарбалари Яманнинг ҳарбий ва сиёсий раҳбарлари иштирокидаги дафн маросими ўтаётган жойга берилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари орасида Саудия Арабистони ҳам бўлган Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашни Яманда юзага келган “жазосизлик муҳити” шароитида етарлича фаолият олиб бормаётганликда айблади.

Зайд Раъд ал-Ҳусайн яна бир бор Яманда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва бошқа жиноятлар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирди. Унга кўра, Саудий Арабистони бошчилигидаги коалициянинг исёнчи (шиа) ҳусийларга қарши ўтган йил мартида бошлаган ҳаво амалиётларидан бери бу мамлакатда камида 4125 киши ҳалок бўлган.