Керри ва Лавров Сурия масаласини муҳокама қилади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ч) ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри (ў).

АҚШ ва Россия шанба-якшанба кунлари Суриядаги зиддият бўйича музокара ўтказмоқчи. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан бу масалада 16 октябрь куни Швейцарияда учрашиши кутилмоқда. 17 октябрь куни Сурия масаласи бўйича Лондонда ўтказилажак халқаро учрашув эса Россия иштирокисиз ўтади.

16 октябрь куни Вашингтон ва Москва вакиллари ўртасида ўтажак учрашув Сурияда сулҳ битими барбод бўлиши ортидан АҚШ расмийлари икки томонлама дипломатик мулоқотни тўхтатиб қўйганидан сўнг ўтказиладиган илк учрашув бўлади. Керри Швейцариядаги учрашувда ҳам, Лондондаги учрашувда ҳам иштирок этади. АҚШ Давлат котиби Россия билан дипломатик музокараларнинг бориши ҳақида европалик ҳамкасбларига якшанба куни маълумот бериши тахмин қилинмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Лавров ва Керри Лозаннада “Сурия бўҳронини ҳал қилишга шароит яратиш” мақсадида минтақада асосий роль ўйнаган мамлакатлар вакиллари билан учрашади. Лавров Швейцариядаги учрашувда Туркия, Саудий Арабистони ва муҳтамалан, Қатар дипломатлари қатнашиши кераклигини билдирган.