АҚШ ўз ҳарбий кемасига қилинган ҳумжум ортидан Яманда ҳаво ҳужумларини бошлади

АҚШ расмийларининг билдиришича, мазкур ҳафтада АҚШ ҳарбий денгиз кемасига қилинган муваффақиятсиз ҳужумлар ортидан Америка армияси Ямандаги Ҳути кучларининг радар мосламаларига ҳаводан ҳужум қила бошлаган.

Ҳужумлар президент Барак Обама рухсати билан 13 октябрь куни бошланган. Бу Яманда фуқаролар уруши бошланганидан бери Вашингтоннинг илк ҳарбий аралашувидир.

Пентагон ҳаво ҳужумларининг мақсади ракета отиш имконини яратувчи радарларни йўқ қилиш эканлигини айтди. Ҳути кучлари мазкур ҳафтада АҚШнинг USS Mason ҳарбий кемасига уч марта ракета отди.

Пентагон матбуот котиби Питер Кук “Ўзимизни ҳимоя қилишга қаратилган мазкур чекланган ҳужумлар ҳарбийларимизни, кемаларимизни ҳамда эркин сузиш имкониятимизни ҳимоя қилиш учун амалга оширилди”, деди.

“Қўшма Штатлар кемаларимизга ҳамда тижорий қатновга таҳдид солувчи ҳар қандай хавф-хатарга тегишли равишда жавоб қайтаради”.

Ҳути жангчилари кемага ҳужум қилишганини рад этишди.

Эслатиб ўтамиз, Яманда Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция Ҳути исёнчиларига қарши ҳаво ҳужумларини амалга ошириб келади.