Қозоғистонда ер ислоҳотларига қарши намойишчилар устидан суд қолдирилди

Ер ислоҳотларига қарши оммавий намойишларда иштирок этган икки қозоғистонлик иши бўйича суд кейинга қолдирилди.

19 октябрь куни айбланувчиларнинг бири Макс Боқаев соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли судга кела олмагани учун мамлакат ғарбида жойлашган Атирау шаҳри судьяси суд ишини номаълум санага қолдирди.

Боқаев ва Талғат Аянга қарши суд 12 октябрь куни бошланган эди. Уларга оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш, қасддан нотўғри маълумот тарқатиш ҳамда ноқонуний равишда оммавий йиғинларни уюштириш айбловлари қўйилган.

Боқаев ва Аян 24 апрель куни Атирау марказида қўлга олинган. Ўшанда минглаб одам Қозоғистоннинг турли шаҳарларида расмийларнинг чет элликларга ер сотиш ёки ижарага бериш режасига қарши намойишга чиққан эди.

Атираудаги намойишлар ортидан Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам икки ҳафта давомида митинглар бўлиб ўтганди.

Намойишчиларни янги қонун хорижликларга экин ерларини сотиб олиш имконини бериши хавотирга солган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Боқаев ва Аян ўз қарашларини оммавий равишда изҳор этиш ҳуқуқига эга эканликларини айтиб, Қозоғистон расмийларини уларни озод қилишга чақириб келади.