“Ўзнефтмаҳсулот” Тошкентда бензин тақчиллигини тан олди

АЁҚШ олдидаги навбат (2014 йили олинган сурат)

“Ўзнефтмаҳсулот” раҳбарияти номида мазкур компания расмий сайтида эълон қилинган баёнотда “Сўнгги икки-уч кун мобайнида пойтахтдаги баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШларда) автобензинга навбатлар кузатилаётгани” тан олинган.

Айтилишича, мазкур ҳолат “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясига боғлиқ бўлмаган қуйидаги омиллар натижаси ўлароқ юзага келмоқда:

биринчидан, шаҳримизга вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида турли йўллар билан керагидан ортиқча миқдорда автобензин олиб чиқиб кетишмоқда;

иккинчидан, айрим шов-шув ишқибозлари томонидан аҳоли орасида - “бундан кейин АЁҚШларда автобензин камайиб кетар экан”, – деган умуман ўринсиз хабарлартарқатилмоқда;

учинчидан, автомобиль эгалари автобензинни керагидан ортиқда харид қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилишмоқда;

тўртинчидан, автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда;

Ўзбекистонда автоёнилғи тақчиллиги биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бугунгидай ҳолат, хусусан, ўтган йили ҳам кузатилган ва “Ўзнефтмаҳсулот” ўшанда ҳам бу йилги важларни келтирган эди.