Туркманистонда тамаки тақчиллиги туфайли, уни хотин-қизларга сотиш тақиқлаб қўйилди

Бу ҳақда хабар қилган "Хроника Туркменистана" нашрига кўра, шанба куни давлат магазинларда аёлларга сигарет сотилиши ман этилгани тўғрисида эълонлар пайдо бўлган.

Бундай тақиқнинг жорий этилишига сабаб сифатида маъмурлар чайқовчиликнинг олдини олишга уринаётган бўлиши мумкинлиги айтилди.

Туркманистондаги дўконларда тамаки маҳсулотлари июл ойи бошидан бери сотилмаётгани, қора бозорда сигарет нархлари камида беш баробарга ошиб кетгани тўғрисида Озодлик сентябрнинг бошида хабар қилган эди.

Туркманистондаги сигарет чекувчиларнинг Озодликка айтишича, “сигарет бўҳрони” бошланишидан олдин апрел-май ойларида икки АҚШ долларига сотилган бир қути “Marlboro” сигарети сентябрь бошида 10 доллар, камида 28 манатга сотилаётган эди.

Туркманистон расмийлари эса тамаки маҳсулотлари нима сабабдан дўкон расталаридан йўқолганига шу пайтга қадар изоҳ бермаган.

Шу кунларда ҳам Туркманистондаги давлат магазинлари олдида сигарет сотиб олиш учун харидорлар турнақатор навбатда турганини кузатиш мумкин, деб хабар қилди "Хроника Туркменистана".