Венгрия Россия матбуотида венгер қўзғолони ҳақорат қилинганига норозилик билдирди

Венгрия. 1956 йил қўғолонини хотирлаш маросимида қўзғолончилар байроғи олдида турган фахрий қоровул.

Венгрия Россия давлат матбуотида 1956 йилги венгер қўзғолони тўғрисида танқидий фикрлар билдирилганига изоҳ сўраб, рус элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди.

“Венгрия инқилоб ва унинг қаҳрамонлари тўғрисида ҳақоратли гаплар айтилишига тоқат қила олмайди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Венгрия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришча, 25 октябрь куни Россия давлат телеканалларида 1956 йилда Венгрияда бўлган советларга қарши халқ қўзғолон пайтида “минглаб собиқ нацистлар қамоқлардан озод қилинган”, деб маълумот тарқатган. Шунингдек, рус телеканлалларида 1956 йилнинг 23 октябрида юз берган венгер қўзғолони ғарб томонидан махсус уюштирилган, деган таҳминни илгари сурган.

Коммунистик тузимга қарши кўтарилган венгер қўзғолони пайтида 2500 венгер ва 700 совет ҳарбийси ҳалок бўлган. Қўзғолон Совет Иттифоқи томонидан бостирилганидан сўнг 200 минг венгер хориж давлатларига қочишга мажбур бўлган эди.