АҚШ Раққани "Исломий давлат"дан тозалашга тайёргарлик кўрмоқда

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер.

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер Қўшма Штатлар раҳбарлигидаги коалиция Суриянинг Раққа шаҳрини Исломий давлат гуруҳидан тозалаш бўйича амалиётни ўтказишга тайёрланаётганини билдирди.

Эштон Картер 25 октябрь куни Парижда жангариларга қарши курашаётган 13 давлат мудофаа вазирлари билан учрашди.”Биз Раққани қамал қилиш учун ҳамкорлар билан режа тузишни бошладик”, деб билдирди Картер.

АҚШ Мудофаа вазири Раққага ҳужум қачон бошланишини ва режанинг бошқа тафсилотларини ошкор қилмади.

Раққа "Исломий давлат"нинг Суриядаги асосий таянч нуқтаси ҳисобланади.

Мазкур баёнот Ироқда мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Мосулни жанггарилардан тозалаш амалиёти ўтказилаётган бир пайтда янгради. Мосул Ироқда "Исломий давлат" назоратида қолаётган энг сўнгги шаҳардир. Мосул учун жанглар ўн кундан бери давом этмоқда.