Тожикистонда рус ҳарбийсини ўлдирган шахс 20 йилга қамалди

Россия ҳарбийси Алексей Буенков.

Тожикистонда суд рус ҳарбийсини ўлдирганликда айбланган тожик ватандошини 20 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Хатлон вилоят суди 25 октябрь куни қўрғонтепалик Аҳлиддин Машрабовни Россия ҳарбийси Алексей Буенковни ўлдирганликда айбдор деб топди.

Машрабов шу йилнинг 31 июлида Қўрғонтепадаги ресторанлардан бирида Буенков билан муштлашганидан сўнг қўлга олинган эди. Рус ҳарбийси воқеа жойида ҳалок бўлган.

Судда Машрабов ўз айбини тан олди. У Буенков ва номаълум яна икки нафар рус ҳарбийси унга биринчи бўлиб ҳужум қилганини айтди.

Тожикистонда маҳаллий аҳоли ҳамда рус ҳарбийлари ўртасида муштлашувлар тез-тез содир этилади. Тожикистоннинг Кўлоб, Қўрғонтепа ва Душанбе шаҳарлари яқинида Россиянинг 201 - мотоўқчи дивизиясида хизмат ўтовчи 7 минг рус ҳарбийси жойлаштирилган.