Озарбайжонда ёшлар ташкилоти фаоли қамалди

Озарбайжонда демократия тарафдори бўлган ёшлар ташкилоти фаоли 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Боку суди NIDA ёшлар гуруҳи аъзоси бўлган 21 ёшли Ғиёс Ибрагимовни гиёҳванд модда контрабандасида айбдор, деб топди.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти мазкур суд ҳукмини “сўз эркинлигига қарши карахт қилувчи ҳужум”, деб атади. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Денис Кривошеевга кўра, бу ҳукм “адолатга чизилган карикатура”дир.

Ғиёс Ибрагимов ва унинг сафдоши Байрам Маммадов шу йил майида Озарбайжоннинг собиқ президенти ҳамда амалдаги президент Илҳом Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиев хотирасига Бокуда ўрнатилган ҳайкалга чизилмиш аксилҳукумат граффитиси учун ҳибсга олинганди.

Human Rights Watch Бокудан фаолларни зудлик билан озод қилишни талаб қилган.

Сўнгги йилларда Озарбайжонда ўнлаб журналист ва фаол расмийларни танқид қилгани учун таъқиб объектига айланганини билдирган.