Россия Суриядаги ҳаво зарбаларида болалар нобуд бўлгани учун кескин танқидга учради

Ҳаво зарбаларига нишон бўлган Ҳаасдаги мактаб биноси, 2016 йил 26 октябри.

Идлиб вилоятидаги Ҳаас аҳоли пунктига Сурия ёки Россия авиацияси томонидан берилгани тахмин этилаётган ҳаво зарбаларида тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан, болалар нобуд бўлганига оид хабарлардан кейин Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилотида кескин айбловларга нишон бўлди.

26 октябрь куни БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва кузатувчилар Суриянинг Идлиб вилоятида исёнчилар назорат қилиб турган ҳудудда 35 киши нобуд бўлган, улар орасида 22 нафар ёш бола ва олти нафар мактаб ўқитувчиси бор. Ҳаво зарбаларидан кейин олинган фотосуратларда вайрон бўлган мактаб биноси, синган парталар, оёғи осмондан бўлиб ётган курсиларни кўриш мумкин.

“Бу фожиа, зўравонлик. Агар бу қасддан берилган зарба бўлса, бу ҳарбий жиноятдир”, дея билдирди ЮНИСЕФ директори Энтони Лейк. У Ҳаас аҳоли пунктидаги мактаб биноси биринчи марта нишонга олинмаётганини қўшимча қилди.

“Бу даҳшат, умид қиламанки, бунга бизнинг алоқамиз йўқ”, деди Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин. У ҳаво зарбаси учун масъулларни аниқлаш учун Россия Мудофаа вазирлиги билан сўзлашаётганини маълум қилди.

Кейинроқ БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ҳалаб шаҳри қамалига бағишланган мажлиси чоғида БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О’Брайен Россия ва Сурияни Ҳалаб қамалида очлик уюштириш тактикасини қўллаганликда айблаб чиқди. Сўнгги ойда 400 чоғли одам нобуд бўлган Ҳалабдаги вазиятни “Қиёмат қойим даҳшати” деб атаган О’Брайен Сурия ва Россияни Ҳалабда атайлаб чидаб бўлмас шароит юзага келтирганликда айблади. О’Брайеннинг бу баёноти ортидан Чуркин сўз олиб, бу айбловларни кескин тарзда рад этди.