Эронда собиқ бош прокурор дарраланадиган бўлди

Эрон собиқ бош прокурори Саид Муртазовий.

Эронда коррупцияда айбланган собиқ бош прокурор Саид Муртазовийга 135 дарра уриладиган бўлди. Муртазовий 2009 йилдаги президент сайловидан кейин “Яшил ҳаракат”дан бўлган мухолифат фаолларини судлашда асосий роль ўйнаган шахс бўлган. 2 ноябрь куни у Эронда ижтимоий дастурларга раҳбарлик қилган даврда “давлат маблағларини ўзлаштирганлик ва камомадга йўл қўйганлик”да айбдор деб топилди.

49 ёшли Саид Муртазовий ҳукм юзасидан шикоят аризасини ёзиши мумкин. Собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг сафдоши бўлган Муртазовийга нисбатан чиқарилган ҳукм ислоҳот ва мухолифат нашрлари тарафдорларига қарши кампанияларга бошчилик қилган шахс ағдарилишининг кульминацион нуқтаси бўлди.

2010 йили парламент уни аксилҳукумат намойиши иштирокчиларидан уч нафарининг ўлимида айбдор деб топган, орадан тўрт йил ўтгач эса у адвокатлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Human Rights Watch ташкилоти Муртазовийни “инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузиб келган шахс” деб атаган. АҚШ эса бош прокурор бўлиб турган пайтда унга нисбатан санкциялар жорий этган.