Қозоғистонда вазирни танқид қилган машхур актёр қамалди

Тунгишбай Жаманқулов.

Қозоғистонда машхур актёр Тунгишбай Жаманқулов Маданият вазирининг коррупцияга алоқадор эканини айтиб чиққанидан сўнг давлат маблағларини ўз фойдасига ўзлаштирганликда айбланиб қамоққа олинди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Жаманқулов 2 ноябрь куни қўлга олинганини ва унга кинофильмни суратга олиш учун ажратилган 70 миллион танга (205 000 доллар)ни ноқонуний ўзлаштирганлик айби билдирилганини маълум қилди.

Жаманқулов бундан бир ҳафта олдин маданият вазири Аристанбек Муҳаммедиулини коррупциявий фаолиятда ва бир неча аёлга жинсий тажовуз қилганликда айблаб чиққанди. Маданият вазири бу айбловларни инкор қилган.

68 ёшли Жаманқулов 33 кинофильмда суратга тушган. У ўтган асрнинг 70 йилларида “Тамаша” сатирик шоусида бош қаҳрамон ролини ижро этганидан сўнг машҳур бўлиб кетган эди.