Латвия Беларусь билан чегарасига девор қуради

Латвия-Россия чегарасидаги тўсиқ.

Латвия ҳукумати Беларусь билан чегарасини девор билан тўсиш учун бюджетдан маблағ ажратади. Бу ҳақда Латвия чегара хизмати раҳбари Нормунд Гарбарс шанба куни маълум қилди.

Унга кўра, чегарадаги девор ноқонуний миграциянинг олдини олиш мақсадида барпо этилади.

"Делфи" нашрининг хабар беришича, девор қуриш ишлари бир йилдан сўнг бошланади. Унинг узунлиги ва баландлиги қандай бўлиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

Жорий йил май ойида Латвия Россия билан чегарасида узунлиги уч километр, баландлиги уч метрли тўсиқни барпо этган эди. Мазкур тўсиқнинг узунлиги 90 километрга етказилиши айтилмоқда.