Мисрда археологлар 3 минг йиллик жасад топишди

Ал-Уқсур яқинидаги Қироллар водийси.

Испан археологлари Мисрнинг Ал-Уқсур (Луксор) шаҳри яқинида “жуда яхши сақланган” мўмиёланган жасад топишди. Бу ҳақда The Guardian нашри Мисрнинг осори атиқалар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Топилган жасад, мутахассисларга кўра, насроний эрасидан аввалги 1075-664 йилларга тегишли бўлиши мумкин. Жасад топилган қабр Қоҳирадан 700 километр жанубда - Нил дарёси ғарбий соҳилида жойлашган.

Бир неча қават матога ўралган мўмиёли жасад ёрқин рангларга бўялган саркофагда бўлган. Қабр фиръавн Тутмос III даврига оид ибодатхона яқинидан топилган.

Мутахассислар фикрича, қабр фиръавн аёнларидан Аменренеф исмли аслзодага тегишли бўлиши мумкин.

Археологлар гуруҳи раҳбари Мириам Секо Альварес (Myriam Seco Alvarez) кўҳна Миср диний рамзларини эслатувчи безаклар билан безалган.

Мутахассисларга кўра, мўмиёли жасадни матога ўраш амалиёти насроний эрасидан тақрибан 4500 йил аввал пайдо бўлган.

Кўплаб ибодатхона ва қадимий қабрлар жойлашган Ал-Уқсур шаҳрида ярим миллион одам яшайди. Авваллари бу шаҳарга сайёҳлар жуда кўп келарди, бироқ араб баҳори ва Мисрдаги террористик хуружлар кўпайганидан кейин Ал-Уқсурга келадиган хорижликлар сони камайган.