Мева-сабзавот ярмаркасида 1 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Тошкентда ўтган мева-сабзавот халқаро ярмаркасида ўзбек ширкатлари 1 миллиард долларлик шартномаларни тузишга муваффақ бўлди.

“Ўзагроэкспорт” ширкатининг сешанба куни билдиришича, шартномаларда хориж давлатларига 1 миллион 400 минг тонна мева-сабзавот сотилиши кўрсатилган.

Тошкентда халқаро мева-сабзавот ярмаркаси 8-10 ноябрь кунлари ўтказилган эди.

Ташкилотчиларга кўра, ярмаркада дунёнинг 20та давлатидан 300та савдо, ишлаб чиқариш ва логистика ширкатлари вакиллари иштирок этган. Улар Ўзбекистон ширкатлари билан 355та шартномани имзолаган.