Ўзбекистон ташқи ишлар вазири тожик расмийлари билан чегара ва сув масалаларини муҳокама қилди

Ўзбек-тожик чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 16 ноябрь куни Тожикистон ташқи ишлар вазирининг муовини Маҳмадшариф Ҳақдодни қабул қилди.

Дипломатлар учрашуви чоғида Ўзбекистон-Тожикистон алоқаларига оид қатор масалалар, жумладан, чегара делимитацияси ва демаркацияси масаласи муҳокама қилинган.

Шу куннинг ўзида Комилов Тожикистон энергетика ва сув заҳиралари вазирининг биринчи ўринбосари Султон Раҳимзодани қабул қилиб, у билан минтақада сув-энергетика заҳираларидан оқилона фойдаланиш масаласини муҳокама қилган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 1333 километрга узанган ўзбек-тожик чегарасининг 16 фоизи ҳозирда делимитация қилинмай қолмоқда.

Озодликнинг тожик хизмати ўзбек-тожик чегарасининг айрим участкалари ҳалигача чегараолди ҳудудларида мол боқадиган тожикистонликлар учун хавфли бўлиб қолаётганини хабар қилади.

Тошкент 1999 йили Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ўтишига монеъ бўлиши учун чегарани миналаштирганидан сўнг ўтган йиллар мобайнида 100 га яқин одам бу миналардан нобуд бўлган.

Тожикистонда йирик ГЭСлар қурилиши масаласи ҳам узоқ йиллар мобайнида Тошкент ва Душанбе ўртасида баҳс объекти бўлиб келган.