Британияда парламент депутатини ўлдирган шахс умрбод қамоққа ҳукм этилди

Июнь ойида ўлдирилган депутат Жо Кокс портрети.

Ўта ўнгчи экстремистик ғоялар тарафдори бўлган ва Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига оид референдумдан аввалги кампания чоғида депутат Жо Коксни ўлдирган киши муддатидан олдин озод этилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

53 ёшли Томас Майер 41 ёшли Коксга қарата уч марта ўқ узиб, ортидан “Британия ҳамма нарсадан устун” дея, унга бир неча марта пичоқ санчган.

Лондон жиноят ишлари суди икки фарзанднинг онаси, Британиянинг Европа Иттифоқидаги аъзолигини сақлаб қолиш фойдасига кампания ўтказиб юрган Жо Кокс ўлимида айбдор, деб топди. Унга қарши айблов аксилтеррорчилик қонунчилиги асосида олға сурилган.

Судда ҳужум сиёсий сабабларга кўра содир этилгани, айбланувчининг уйида неонацистик мазмундаги материаллар сақлангани аниқланган.