Солижон Шарипов қирғиз парламенти собиқ депутатини судга бермоқчи

Фазогир Солижон Шарипов.

Фазогир Солижон Шарипов Қирғизистон парламенти собиқ депутати Жилдизқан Жўлдўшевани матбуотга билдирган фикрлари учун жавобгарликка тортиш ниятида. Бу ҳақда 24.kg сайтига фазогирнинг адвокати Светлана Пчелинцева маълум қилган.

Адвокатга кўра, ҳозирда у Бишкек шаҳар Октябрь туман судига топшириш учун шикоят аризасини ҳозирламоқда.

Аввалроқ Жилдизқан Жўлдўшева қирғизистонлик ўзбек бойлари қандайдир бирлашма тузганини иддао қилганди.

“Унга 1 рақамли айирмачи Қодиржон Ботировнинг бутун мулкини ўзига хатлаб олган фазогир Солижон Шарипов раҳбарлик қилади”, деганди собиқ қирғиз депутати.

Шарипов Жўлдўшеванинг “ўзбек айирмачилиги” ҳақидаги баёнотини “жирканч ёлғон ва фитна” деб атаган.

Адвокат Светлана Пчелинцева ўз мижозининг ҳеч қанақа айирмачиларга алоқаси йўқлиги ва ҳеч қандай ташкилотга аъзо эмаслигини билдирган.

“Солижон Шарипов икки давлат – Қирғизистон ва Россия қаҳрамонидир. У пок номи оёқости қилинганидан жуда ташвишда. Ўзгандаги ўзбек диаспораси ҳам собиқ депутатнинг сўзларидан жуда ғазабда ва улар ҳам миллатлараро низо қўзғаётгани учун Жилдизқан Жўлдўшевани жавобгарликка тортиш учун жамоатчилик номидан ариза топшириш ниятида. Маънавий зарар учун товон пули миқдори қанча бўлишини аниқ айтолмайман, бироқ раддия берилишини талаб қиламиз”, деди Солижон Шариповнинг адвокати.