Кубада 9 кунлик мотам эълон қилинди

Кубаликлар мамлакатнинг собиқ раҳбари Фидел Кастро ўлими ортидан мотам тутмоқда. Кастронинг ўлими ҳақида 26 ноябрь куни хабар берилган эди.

Мамлакатда тўққиз кунлик мотам эълон қилинди. Шу сабаб Куба бўйлаб байроқлар туширилди ҳамда шоу ва концертлар бекор қилинди. Кейинги кунларда Кастрони хотирлашга бағишланган турли тадбирлар бўлиб ўтади.

Фидел Кастро Кубани деярли эллик йил бошқарган.

Унинг жасади 26 ноябрь куни Ҳаванада кремация қилинди. Кастронинг кули солинган кўза мамлакат шаҳарларига олиб борилади ва 4 декабрь куни Сантьяго шаҳрида тупроққа қўйилади.

Кастро сўл қанот сиёсий қарашларга эга шахслар учун қаҳрамонга айланган. Улар Кастрони АҚШнинг Лотин Америкасидаги доминациясига қарши чиқа олган ҳамда камбағалларни таълим ва тиббий хизматлар билан таъминлаган лидер деб биладилар.

Танқидчилар эса Кастрони ўз рақибларига қарши ваҳшийлик билан курашган автократ ўлароқ баҳолайдилар.