Путин Россия Фанлар академияси аъзолигига сайланган 4 мулозимни ишдан бўшатди

Россия президенти Владимир Путин ой бошида Россия Фанлар академияси аъзоси этиб тайинлаган тўрт расмийни ишдан олди.

Президент 28 ноябрь куни Федерал хавфсизлик хизматининг ҳужжатлар ва архивлар бўлими етакчиси Василий Христофоров, президент маъмурияти тиббий хизмати бошчиси Константин Котенко, Мудофаа вазирлиги тиббий хизмати бошлиғи Александр Фисун ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Александр Савенковлар ишдан бўшатилгини маълум қилди.

Россия ҳукумати Фан ва таълим кенгашининг 23 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғинида Путин Фанлар акдемиясига сайланган ҳар қандай расмийни лавозимидан бўшатишини билдирган эди.

Путин расмийларнинг барчасига 2015 йилнинг декабрида агар улар академияга сайланса, ишдан бўшатилиши ҳақида ёзма равишда маълум қилинганини қўшимча қилди.

Президентга кўра, расмийлар ҳукумат иши билан бир вақтда академик фаолият юрита олмайдилар.