Ўзбекистонда Daewoo Nexia ишлаб чиқариш тўхтатилди

Россиянинг автомобил саноатига ихтисослашган Wroom.ru нашри “Ўзбекистонда 2016 йил Daewoo Nexia моделининг узоқ давом этган тарихидаги охирги йил бўлди”, деб хабар берди.

Нашрнинг 4 декабрь куни GM Uzbekistan матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, Nexia ишлаб чиқариш август ойида тўхтатилган.

Daewoo Nexia Асакадаги заводда 1996 йилдан чиқарила бошланган эди. Жанубий Кореяда мазкур моделнинг ишлаб чиқарилиши 1997 йилда тўхтатилган.

Россия автомобилсозлик нашрининг маълум қилишича, Nexia номини аввалги авлоддаги Chevrolet Aveo седанининг нусхаси ҳисобланган "Ravon Nexia" моделида ишлатишга қарор қилинган.

2011–2012 йилларда Nexia Россияда энг оммабоп машиналардан бирига айланган эди. Ўша йилларда бу мамлакатда йилига 55 минг дона Nexia сотилган. Бироқ 2013 йилдан бошлаб бу кўрсаткич камая бошлади ва 2015 йилда Россияда бор –йўғи 2 мингта Nexia сотилган.