Россия исёнчилар Ҳалабни тарк этиши бўйича АҚШ билан музокара ўтказади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия расмийлари Сурия ҳукумати қўшинлари ўз позицияларини мустаҳкамлаб бораётган Ҳалабдан исёнчилар тўла чиқиб кетиши борасида АҚШ билан музокара ўтказишларини маълум қилдилар. Мухолифатдаги кўнгиллилар сўнгги ҳафталарда Сурия армияси томонидан учдан икки қисми эгаллаб олинган бу шаҳарни тарк этиш фикрини рад қилганлар.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, исёнчилар чекиниши бўйича АҚШ расмийлари билан музокаралар 6 ва 7 декабрь кунлари Женевада бўлиб ўтади. Суриялик исёнчиларни дастаклаётган Вашингтон ҳозирча бу борада изоҳ бермади.

“Ҳалабнинг шарқий қисмини тарк этишдан бош тортган қуролли отрядлар террорчи деб ҳисобланади”, дея билдирди Лавров 5 декабрь куни журналистлар олдида қилган чиқишида. “Биз бундай одамларга террорчилар, экстремистларга қилинганидек муомала қиламиз ва бу жиноий гуруҳларга қарши Сурия армиясига амалиётларда кўмаклашамиз”, дея қўшимча қилди Россия ташқи ишлар вазири.

Исёнчилар Ҳалабни ташлаб кетишга оид ҳар қандай эҳтимолни рад этмоқдалар. Мухолиф гуруҳлардан бирининг вакили Ёсир ал-Юсуф Франс-пресс агентлигига бу каби таклифлар номақбул эканини билдирган. Исёнчилардан яна бири Закариё Малаҳифжий Reuters агентлиги билан суҳбатда: “Қалбида заррача ватанпарварлик ва масъулият ҳисси бўлган соғлом фикрли одамларнинг биронтаси ҳам ўз шаҳрини тарк этмайди”, дея таъкидлаган.