Туркманистонда Озодлик мухбири қўлга олинди

Туркманистон расмийлари Озодликнинг туркман хизмати мухбири Худойберди Аллашовни нос маҳсулоти сақлаганликда айблаб, қўлга олди. Ўтган ой туркман шўъбасининг бошқа бир ходими ушланганди.

“Биз бу айбловни туркман хизматининг овозини ўчиришга уриниш ва туркман халқини қўрқитиб қўйишга қаратилган кампаниянинг бир қисми, деб ҳисоблаймиз. Сўнгги бир ярим йил ичида мухбирларимиз ҳибсга олиш, ташқи дунёдан узилган ҳолда сақлаш, калтаклаш, сўроққа тутиш, ўзбошимчалик билан қамаш каби амалиётларга дучор қилинган ва бизда уларни қийноққа тутишган, деб ҳисоблашга асос бор. Биз туркман расмийлари бунинг учун масъул, деб ҳисоблаймиз”, деди Озод Европа/Озодлик радиоси корпорацияси президенти Томас Кент.

Худойберди Аллашов 3 декабрь куни Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида қўлга олинган. Видеокамера кўтариб олган полиция наряди унинг уйига бостириб кириб, журналистни калтаклаган. 27 ёшли Аллашов билан бирга унинг онаси ва хотини ҳам тутиб кетилган. Аллашов ва унинг онасига нос маҳсулоти сақлаганлик айби қўйилган. Туркманистон бу маҳсулотга расман тақиқ қўйилганига қарамай, у кенг кўламда истеъмол қилинади. Нос истеъмоли учун қўлга олиш ҳолати авваллари бу мамлакатда ҳеч кузатилмаган.

Аллашовнинг хотинига кўра, журналист гўё 11 килограмм тақиқланган нос маҳсулоти сақлаганлик ҳақида иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбур бўлган. Мазкур айблов бўйича у етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Аллашов ва унинг онаси иши бўйича маҳкама 5 декабрь куни бўлиб ўтиши керак эди.

Аллашов хотини полиция эрига нос сотган воситачини ҳам сўроққа тутганини қайд этди. Кейинроқ у Озодликка воситачини полиция бўлимида қаттиқ калтакланган алфозда кўрганини айтди.

Худойберди Аллашов Озодликнинг туркман хизмати билан Мекан Ташлиев тахаллуси остида шу йил октябридан ҳамкорлик қила бошлаганди. У озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги, маошлар ушлаб қолинаётгани ва одамлар пахта теримига мажбуран олиб чиқилаётгани каби мавзуларни ёритганди.

Сўнгги йилларда Туркманистонда Озодлик мухбирларини таъқиб қилиш кучайиб кетди. Ўтган ой мазкур хизмат мухбири Сўлтан Очилова калтакланганди.

Видеожурналист Сапармамед Непесқулиев эса тақиқланган дори-дармон маҳсулотларини сақлаганликда айбланиб, судланганидан сўнг уч йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Непесқулиевга бу айблов унинг журналистик фаолияти туфайли ундан қасд олиш мақсадида қўйилган.