Саудия Арабистонида жосусликда гумонланган 15 киши ўлимга ҳукм қилинди

Саудия Арабистонида 15 одам Эрон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Ар-Риёд суди жосусликда айбланган яна 15 одамга олти ойдан 25 йилгача бўлган қамоқ жазосини белгилади. Икки одам эса 6 декабрда ўтган суд жараёнида оқланди.

Судланган 32 кишидан 30 нафари жосуслик гуруҳини ташкил этишда, Эрон разведкаси билан ҳамкорлик қилганликда, Эрон ҳукуматига Саудия армияси тўғрисидаги сир тутилган маълумотларни тақдим этганликда, Саудия Арабистонидаги шиалар яшовчи ҳудудларда исёнларни уюштиришга ҳаракат қилганликда айбдор деб топилган.

Судланганлардан бир нафари Эрон, бир нафари Афғонистон, 30 нафари эса Саудия Арабистони ватандошидир. Улар 2013 йилда қўлга олинган, суд жараёни эса февраль ойида бошланган эди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Баҳром Ғосимий Саудия Арабистонида теҳронлик жосуслар фаолият юритгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.