Италия бош вазири истеъфога чиқди

Маттео Ренци.

Италия бош вазири Маттео Ренци мамлакат президентига истеъфо аризасини топширди. Бунга 4 декабрдаги референдумда италияликлар Ренци томонидан таклиф қилинган конституциявий ислоҳотларни қўлламагани сабаб бўлган.

Италия президенти Сержио Маттарелла Ренцидан янги ҳукумат тузилгунига қадар бош вазир вазифасини бажариб туришни сўради. Маттарелла вакилига кўра, 8 декабрдан янги ҳукумат тузиш бўйича сиёсий партиялар билан маслаҳатлашув бошланади.

Ренци даставвал истеъфо аризасини 5 декабрь куни топширган, бироқ президент ундан кейинги йил бюджети 7 декабрь куни парламент томонидан маъқуллангунига қадар кутиб туришни сўраганди.

Европа Иттифоқининг учинчи иқтисоди бўлган Италиядаги референдум натижалари мамлакатни иқтисодий бўҳрон ёқасига олиб келиб қўйди. Экспертлар хавотирига кўра, сиёсий беқарорлик Италиянинг шунингсиз ҳам заиф бўлган банк секторига путур етказиши ҳамда Европа Иттифоқига қарши чиқаётган партияларнинг олд сафга чиқишига сабаб бўлиши мумкин.