Сурия расмийлари Ҳалабнинг эски шаҳар қисми эгаллаб олинганини айтмоқда

Шарқий Ҳалабда уруш олови ичида қолган мавзелардан қочаётган сурияликлар, 2016 йил 7 декабри.

Сурия давлат нашрлари ҳукумат қўшинлари ва иттифоқчилари Ҳалабнинг исёнчилар тасарруфида бўлган эски шаҳар қисмини ўз назорати остига олганини хабар қилмоқда.

Исёнчилар беш кунлик гуманитар сулҳ жорий қилишга чақиряпти. Исёнчилар қаршилик кўрсатаётган мавзеларга инсонпарварлик ёрдами етказиш учун оташкесим тартибини жорий қилишга Ғарбнинг олти давлати ҳам чақирган. Уларга кўра, Ҳалабда юзага келган вазият гуманитар бўҳронга тенгдир.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳозирги пайтда Сурия армияси ва иттифоқчилари Шарқий Ҳалабнинг 75 фоизини назорат қилаётганини, тўрт мавзе исёнчилар назорати остида эканини маълум қилди.

Ҳукумат кучларининг Ҳалабни қўлга киритиш бўйича ҳарбий амалиёти уч ҳафтадан бери давом этмоқда. Ҳалабнинг олиниши президент Башар Асаднинг фуқаролик уруши бошланган 2011 йилдан бери энг йирик ҳарбий муваффақияти бўлиши мумкин.