Ханти-Мансийскдаги автоҳалокатда ўзбекистонлик қизалоқ нобуд бўлди

Россиянинг Ханти-Мансийск округида 4 декабрь куни автобус, икки енгил машина ва икки юк машинаси тўқнашиши оқибатида 12 киши нобуд бўлди, 22 киши тан жароҳати олди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қурбонлар орасида ўзбекистонлик 7 яшар Зулфия Эргашева ҳам бор. Зулфиянинг опаси Гавҳар эса айни пайтда оғир аҳволда Ханти-Мансийск нейрохирургия клиникасида ётибди.

Вазирликнинг билдиришича, 7 декабрь куни Зулфиянинг жасадини Тошкентга етказиш масаласи Россия томони билан ҳал қилинган, майитни отаси Сарвар Эргашев олиб келаяпти.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистондаги бошқа вазирликлар билан биргаликда бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилишда нобуд бўлган қизалоқнинг яқинларига ёрдам кўрсатиш бўйича барча чоралар кўрилаётганини ҳам маълум қилган.