АҚШ Туркманистон ҳукуматини Озодлик мухбирини озод этишга чақирди

Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал.

АҚШ Давлат департаменти Туркманистонда Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларининг таъқиб қилинишини қоралади.

Озодликнинг туркман хизмати мухбири Худойберди Аллашов мамлакатда тақиқланган нос маҳсулотини сақлаганликда айбланиб, 3 декабрь куни қўлга олинган эди. Мазкур айблов бўйича у етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Сўнгги йилларда Туркманистонда Озодлик мухбирларини таъқиб қилиш кучайиб кетди. Ўтган ой мазкур хизмат мухбири Сўлтан Очилова калтакланганди.

Видеожурналист Сапармамед Непесқулиев эса тақиқланган дори-дармон маҳсулотларини сақлаганликда айбланиб, судланганидан сўнг уч йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Непесқулиевга бу айблов унинг журналистик фаолияти туфайли ундан қасд олиш мақсадида қўйилган.

“Менинг фикримча, радио журналистларининг сўнгги бир неча йилдан бери таъқиб этилиши ва уларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлиниши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”, деди Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал 8 декабрь куни Озодлик радиосига берган суҳбатида.

Аввалроқ ЕХҲТ ҳам Туркманистон ҳукуматини журналист Худойберди Аллашовни озод этишга чақирган эди.